Перейти к содержанию

Хиёнатни унутиш осонми? Эр ёки хотин хиёнат қилди. Оила ажралиб кетмади. Аёл би…


Хиёнатни унутиш осонми?

Эр ёки хотин хиёнат қилди. Оила ажралиб кетмади. Аёл билан эркакни муроса йўлига солишди. Аммо уларнинг олдида хиёнатни унутиш, аввалги муносабатларни тиклашдек жуда мураккаб вазифа турибди. Буни уддалаш мумкинми?

Баъзида бир-биримизни қучоқлаб, кечирим сўрасак бўлди, олдинги ҳислар қайтиб келади, хиёнат худди даҳшатли туш каби унутилади, деб ўйлаймиз. Аммо масала аслида биз ўйлагандан жиддий. Чунки хиёнатни психологик жароҳат сифатида қабул қилганмиз ва дард, алам, қўрқув, хафалик, асабийлик каби ҳислар гирдобида қолганмиз. Аксар ҳолатларда жуфтининг хиёнатини бошидан ўтказган инсон буни сотқинлик деб қабул қилади.

👉Босқичма-босчқич ҳаракат қилинг
Барқарорликни қайтариш учун хиёнат келтирган салбий ҳисларни бирма-бир таҳлил қилиш керак. Энг азобли туйғу, бу хафалик. Ахир бизнинг ўрнимизга бировни афзал кўришди. Бу ҳар қандай инсоннинг шахсиятига тегади. Агар бор нафратимизни ташқарига чиқарадиган бўлсак, оила батамом бузилиб кетиши тайин. Шунинг учун хафаликни секин-аста билдириб бориш керак. Энг муҳимидан бошланг. Бунинг учун қулай фурсат топинг. Бир-бирингизни сокин вазиятда тинглай оладиган вақтни кутинг. Энг муҳими, ўзингиз билан ҳам, жуфтингиз билан ҳам ростгўй бўлинг. Ўйлаб кўринг, жуфтингиз сизга хиёнат қилгани билан, кўз очиб кўргани барибир сиз-ку. Сизни бекорга танламаган ва оила қурмаган. Хиёнат сизни 100 фоиз синдириб қўймаслиги ва ўзингизга берадиган баҳоингизни пастга туширмаслиги лозим. Хиёнатга қарамай, у олдингизда айбини тан олди ва сиздан узоқлашишни истамаяпти. Мана шу ҳақиқатнинг ўзи умр йўлдошингизга яна бир имкон беришга сабаб бўла олади.
Ундан сиздаги айнан қайси хислатлар ҳамон қадрли эканини сўранг. Шу тариқа ўзингизга нисбатан тушиб кетган баҳоингизни секин-аста кўтаришга эришасиз.

👉Қўрқувларни даволанг
Хиёнатга гувоҳ бўлган одамда кўпинча қуйидаги қўрқувлар пайдо бўлади: «Яна хиёнат қилса-чи? Нега севимли инсоним бошқани танлади?» Биз мудом ўзимизни рақобатчимиз билан таққослайверамиз. Ундаги афзал томонларни кўриб, ўзимизни пастга урамиз. Бу қўрқувлар муносабатларни асло тикламайди, балки бузишда давом этади. Шундай экан, учинчи шахс ҳақида ўйлашни бас қилинг. Оилани тиклашга рози бўлдингизми, демак, фақат икки инсоннинг муроса йўллари томон қадам ташланг.

👉Атрофда юришни бас қилинг
Стресс оқибатида кўпгина фикр-хаёллар сизни қийнайди. Натижада хиёнат ҳақидаги ўйлар бутун вужудимизни қамраб олади. Жуфтимизнинг хиёнатдаги ҳаракатларини таҳлил қилаверамиз. Бундай ҳолатда психологлар фикрларни қоғозга ёзишни таклиф қилишади. Токи хафалик енгиллашмагунга қадар ёзаверинг. Йиғлашдан уялманг, истасангиз тоза ҳавода кўпроқ юринг. Кўнглингизга сиғса, мусиқа тингланг. Бу асабийлик ҳолатини енгиллаштиради. Жуфтингизга эса охиста муомала қилинг. Хиёнат сизни не кўйга солганини гапириб беринг, фақат ортиқча вахима қилманг. Бунга нисбатан унинг жавобини тинглаб кўринг. Бир кун келиб, барча гина-аразлар унутилганидан кейин хиёнат мавзусига ортиқ қайтманг. Тўғри, кечириш осон эмас ва бу тез содир бўлмайди. Аммо салбий ҳисларни қайта-қайта эсга олавериш ҳам ярамайди.

👉Кемтиклик ўрнини тўлдиринг
Вақт ўтган сари хиёнат уйғотган салбий ҳислар бироз сўниб боради. Демак, нега учбурчак пайдо бўлгани ҳақида жиддий ўйлаб кўриш фурсати етибди. Хўш, қайси хатолар жуфтингизни хиёнат сари етаклади? Қандай камчиликларингиз бор? Буларга аниқлик киритиб олиш учун эса фақат мулоқот керак.

Ичингизда айтилмаган сирлар қолмасин. Эркакка эътибор етишмаганми ёки аёлга ғамхўрлик, эр-хотин буларни очиқчасига ҳал қилиб олиши керак. Хиёнат жуфтлик учун мисоли синов. У муносабатларнинг нечоғли мустаҳкам эканини аниқлаб беради. Хиёнат муаммо бор жойда вужудга келади. Унинг илдизлари қаерда? Қарашларингиз, ҳақиқатларингиз, тафаккурингизни қайта кўриб чиқинг.

❗️Унутманг, олдингизда хиёнатдан бош эгиб турган инсоннинг ўзи ҳам виждон азобида қолган.

#SukutSaqlama #СукутСақлама #лойиҳадан #психология




Source

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *