Тушкунлик ва ширинлик: қоматга  таъсири борми?   

Хафа бўлганимизда кўнглимиз беихтиёр ширинлик тусаётганини сезмай қоламиз. Ширинликка ўчлик ҳам тобелик ҳисобланади. Шу сабаб, кайфиятни кўтариш учун қоматга таъсир кўрсатмайдиган бошқа маҳсулотларни истеъмол қилган яхши.
Қанд мия фаолияти учун фойдали, усиз хотира панд ейди, янги нарсани ёд олиш ҳам қийин, деган фикр мавжуд. Қисман бу тўғри, фақат гап қандда эмас, балки организмнинг ҳар бир ҳужайраси учун қувват манбаи бўлмиш глюкозада.
Углеводлар фойдалими?
Ширинлик ва хамирли таомлардан вазн ортиши барчага маълум. У ҳолда глюкозани қаердан олиш керак? Албатта, углеводлардан. Фақат шоколад каби тез эмас, масалан, ёрмалар, мева ёки сабзавотлар каби секин ўзлаштириладиган углеводлардан. Нонуштага бўтқа ёки буғда пиширилган сабзавотларни енг. Улар қоринни узоқ вақт тўқ тутади, калориялари эса оз. Агар тушликкача ширинлик хоҳласангиз, конфет ўрнига олма ейишингиз мумкин. Бу фойдали тамадди қоматингизга зарар етказмайди.
Қанча қанд ейиш мумкин?
Кўпчилик ортиқча вазн билан курашишда углеводсиз парҳезларни танлаб, қанддан умуман воз кечади. Бу иккита сабабга кўра нотўғри. Биринчидан, қаттиқ чеклашлар парҳезнинг бузилиши ва янада кўпроқ вазн ортишига олиб келади. Иккинчидан, миянинг яхши ишлаши учун глюкоза керак ва у барибир глюкозани таомдан бўлмаса, мушак тўқимасидан олади. Бу эса организмнинг умумий кучсизлиги, тез чарчаш, моддалар алмашинувининг бузилиши ва узоқ давом этувчи тушкунлик ҳолатига олиб келади. Шунинг учун қандни меъёрида истеъмол қилиш керак. Умумий қанд истеъмоли кундалик таом калориясининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим.
Агар сиз ўрта ёшлардаги аёл бўлсангиз ва у қадар оғир бўлмаган меҳнат билан шуғуллансангиз, оладиган кундалик калориянгиз ўртача 2000 ккални ташкил қилади. Демак, сиз қоматингизга зарар етказмаган ҳолда кунига 50 г қанд истеъмол қилишингиз мумкин, бу тахминан 5 чой қошиқ дегани. Эътибор беринг, бу ерда чойга солинадиган рафинад қанди эмас, кундалик миқдор, шу жумладан, харид қилинган маҳсулотлардаги яширин қандлар ҳам назарда тутилмоқда.
Конфетми ёки котлет?
Қоматингизга бефарқ бўлмасангиз, таом тайёрлаётганда масалан, бўтқага, компотга шакар қўшмасликни ўзингизга одат қилинг. Сут маҳсулотлари — кефир, творог, ряженка, йогуртнинг шакарсиз турларини харид қилинг. Пудинг, ширин йогурт, творогли массалар каби ширинликларни харид қилманг. Улар таркибида шакардан ташқари таъмни кучайтирувчи моддалар, шунингдек, хавфли ёғлар бор.
Агар ширинлик егингиз келса, мармелад, зефир каби фойдали ширинликларни танланг. Уларни ҳам меъёрида истеъмол қилинг.
Хафа бўлганингизда банан, ёнғоқ, сули бўтқаси, балиқ ёки пишлоқ енг. Бу маҳсулотлар (меъёрида) қоматга зарар етказмайди ва кайфиятни кўтаради.
Баъзида ширинлик ейиш истагини оддий очлик билан адаштирамиз. Шунда ширинлик ўрнига гўштли таом ейиш мумкин. Парҳезшунослар ёғли таомнинг қомат учун шакар каби у қадар хавфли эмаслигини таъкидлашади. Қолаверса, ёғли гўштни кўп еёлмаймиз, ширинлик эса қанча есангиз ҳам меъдага тегмайди.
Қанд ўрнини босувчи маҳсулотлар
Қанд ўрнига қуруқ мева, фруктоза ва қанд ўрнини босувчиларни истеъмол қилиш фойдали ҳисобланади.
Қуруқ мевалар таркибида қандлар кўп ва улар жуда калорияли. Шу сабаб, уларни чекланган миқдорда — бир-икки донадан истеъмол қилиш керак. Иккинчидан, харидоргир қуруқ меваларни фойдали деб бўлмайди, уларнинг товар кўринишини сақлаш ҳамда сақлаш муддатини узайтириш учун ишлаб чиқарувчилар турли айёрона усулларни қўллашади. Қоқи, қора олхўри, майиз, хурмо ва хоказоларни соғлиқ учун зарарли эритмаларда ивитишади. Агар қуруқ меваларни дўкон ёки бозордан харид қилсангиз, истеъмол қилишдан олдин албатта қайноқ сувда ювинг.
Фруктоза қанд ўрнини босувчиларнинг энг яхшиси ҳисобланмайди. У жигар томонидан ҳазм қилинади. Шунинг учун уни мевалардан олганимизда жигар буни уддалайди, қанд ўрнига мева қиёмларини истеъмол қилсак, жигарга катта юклама тушади ва бу унинг фаолиятидаги бузилишга сабаб бўлиши мумкин.
Тўғри овқатланиш тарафдорлари табиий қанд ўрнини босувчи моддалар (стевия, ксилит, сорбит)ни тавсия қилишади. Аммо уларнинг қанддан ширин ва калорияли эканлигини унутмаслик керак. Шу билан бирга улар ўзига хос таъмга эга.
Ж.АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади.

Read more  

Қайси маҳсулот қандай дармондорига бой? 

Одамлар баъзи маҳсулотларнинг соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беришини қадимдан сезишган. Гап уларнинг таркибидаги дармондориларда экани бизга маълум. Уларнинг қай бирлари ўта муҳим ва қандай маҳсулотларда мавжуд?
Тўқималарнинг ўсишига ёрдам беради
А дармондориси — жигар, сут, тухум, тўқ сариқ мева ва сабзавотларда мавжуд.
Кундалик меъёри: 700 мкг.
А витамини (ретинол) организмда кўплаб вазифаларни бажаради: тўқималарнинг ўсиши ва тикланишига ёрдам беради, иммунитетни кўтаради, жинсий безлар фаолиятини меъёрлаштиради. У кўриш қобилияти ва суяклар, шунингдек, тери ва сочларнинг соғлом бўлиши учун зарур. Ретинол танқислигининг эрта белгиси — шабкўрлик. Бунда ғира-шира қоронғи пайтда ва хира хонада кўриш қобилиятининг ўткирлиги пасаяди.
Оқсил ва ёғ алмашинувига масъул
В1 дармондориси — ёнғоқлар, қўнғир гуруч, кунгабоқар донлари, картошка, апельсин таркибида бор.
Кундалик меъёри: 1,1-1,5 мг.
В1 витамини (тиамин) углевод, оқсил ҳамда ёғ алмашинувида муҳим роль ўйнайди, мия фаолияти, хотира, диққатни яхшилашга ёрдам беради, кайфиятни яхшилайди, ўқиш қобилиятини оширади, суяклар, мушаклар ўсишини кучайтиради, иштаҳани яхшилайди, қариш жараёнини секинлаштиради. Бу дармондори етишмаслигида жаҳлдорлик, уйқусизлик пайдо бўлади, иштаҳа йўқолади. Иссиқ ҳарорат таъсирида В1 витамини бузилади, чой, каҳва ва спиртли ичимликлар унинг сўрилишига тўсқинлик қилади.
Гўзаллик витамини
В2 дармондориси — жигар, буйрак, тухум, қўзиқорин, бодом, творог, сут, хамиртуруш, маржумакда мавжуд.
Кундалик меъёри: 1,3 мг
В2 витамини (рибофлавин)ни кўпинча “гўзаллик витамини” деб аташади. Тери, сочлар ва тирноқларнинг соғлом ва гўзал бўлиши айнан шу дармондорига боғлиқ. Бундан ташқари, у иммунитетни мустаҳкамлайди, шикастланган тўқималарнинг тикланишини тезлаштиради. Бу дармондори етишмаслигида тери шўралайди, лабларнинг бурчакларида ярачалар пайдо бўлади.
Юрак фаолиятини яхшилайди
В3 дармондориси — маржумак, ловия, картошка, сабзи, олма, писта, бодом, шампиньон қўзиқоринлари, сули ёрмаси таркибида бор.
Кундалик меъёри: 16 мг
В3 витамини (ниацин) “ёмон” холестерин ҳамда триглицеридлар даражасини пасайтиради (бу юрак хуружи хавфини анча камайтиради) ва юрак фаолиятини яхшилайди, гемоглобин ҳосил бўлишида иштирок этади. Бу дармондори танқислигида инсон чарчоқни ҳис қилади, уйқуси бузилади: тунда уйқусизлик безовта қилади, кундузи эса уйқу босади.
Асаб тизимини тартибга солади — п/з
В9 дармондориси — яшил сабзавотлар, дуккаклилар, хамиртуруш, сабзи, ёнғоқлар, банан, тухум сариғида мавжуд.
Кундалик меъёри: 400 мкг
В9 витамини (фолий кислотаси) барча тўқималарнинг ўсиши, қон ҳамда иммун тизимларининг ривожланиши учун зарур. Фолий кислотаси асаб тизимининг қўзғалиши ва тормозланиши жараёнларини тартибга солади, зиқлик ҳолатларининг оқибатларини бартараф қилади. Унинг етишмаслиги организмнинг барча функцияларига зарар етказади.
Иштаҳани очишга ёрдам беради — п/з
В12 дармондориси — мол гўшти, қўй гўшти, курка гўшти, сут, пишлоқ, треска ва скумбрия балиғида бор.
Кундалик меъёри: 3 мкг
В12 витамини ҳужайралардаги ажралиш жараёнининг меъёрида кечиши ҳамда ДНК ҳосил бўлиши учун зарур. У тез янгиланувчи тўқималар — қон, иммун тизими, терининг ҳолатларига таъсир кўрсатади. Камқонликнинг олдини олади. Моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади, асаб тизимини соғлом сақлашга ёрдам беради, жаҳлдорликни пасайтиради ҳамда диққат ва хотирани яхшилайди. Болаларда ўсиш ҳамда иштаҳани очишга ёрдам беради.
Бу дармондори етишмаслигида кўп терлаш, нафас қисиши, кўриш қобилиятининг ёмонлашиши кузатилади.
Иммун тизимини мустаҳкамлайди
С дармондориси — цитрусли мевалар, наъматак, қизил қалампир, қорағат, пиёз, карам, картошкада мавжуд.
Кундалик меъёри: 60 мг
С витамини (аскорбин кислотаси) иммун тизимини мустаҳкамлайди, жароҳатларнинг битиш жараёнини тезлаштиради, қон ҳосил бўлиш жараёнини бошқаради, токсинларни чиқариб ташлайди, организмнинг қариш жараёнини секинлаштиради.
Иммунитетнинг пасайиши, умумий ҳолсизлик, иштаҳа бўлмаслиги, милкларнинг қонаши, тез-тез шамоллаш, бурун қонаши, оғиздан ёқимсиз ҳид келиши С дармондориси танқислигининг белгиларидир.
Кальций ҳамда фосфор даражасини сақлайди
D дармондориси — балиқ ёғи, икра, балиқ, тухум сариғи, сут маҳсулотлари, жигар таркибида мавжуд.
Кундалик меъёри: 5-10 мкг
D витамини қондаги кальций ҳамда фосфор даражасини сақлайди. Кальций ва фосфор суякларнинг ўсиши ва уларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун зарур. D дармондориси қуёш нурлари таъсирида организмда мустақил ҳосил бўлишга қодир. Катталарда бу дармондори етишмаслигида мушаклар тонуси бузилади, уларнинг тортишиши, кариес, хавотир ҳисси безовта қилади.
Диққат: D дармондорисини эҳтиёткорлик билан шифокор тавсиясига кўра қабул қилиш керак!
Ультрабинафша нурлардан ҳимоялайди
Е дармондориси — ёнғоқлар, кунгабоқар донлари, нўхат, рябина, чаканда, наъматак, петрушкада бор.
Кундалик меъёри: 8 мг
Е витамини (токоферол) муҳим антиоксидант ҳисобланади. У ҳужайраларнинг қариш жараёнини секинлаштиради, уларнинг озиқланишини яхшилайди, терини ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. Айниқса у репродуктив тизим ҳамда ҳомиладорликнинг меъёрида кечиши учун муҳим. Мушакларнинг бўшлиги ва тез чарчаш токоферол етишмаслигининг ўзига хос белгиси ҳисобланади.
Миқдорнинг аҳамияти бор
Бизга таниш бўлган “авитаминоз” атамаси аслида хато. Авитаминоз — бу организмда қайсидир дармондорининг умуман бўлмаслиги, аммо бундай бўлиши умуман мумкин эмас. Истеъмол қилаётган маҳсулотларимизда озми-кўпми, барча дармондорилар мавжуд. Гиповитаминоз — организмда витамин етишмаслиги, дейиш тўғрироқ бўлади.
Зарур миқдор:
Ёшга (инсоннинг ёши қанча катта бўлса, дармондори шунча кўп керак).
Тана вазнига (вазн қанча оғир бўлса, керакли дармондори миқдори ҳам шунча кўп бўлади).
Жисмоний юкламага (улар қанчалик фаол бўлса, дармондорилар шунча кўп сарфланади ва уларнинг ўрнини тўлдириш зарурияти ҳам ошади). Аммо “қанча кўп бўлса, шунча яхши” қоидаси бу ерда ўринсиз, чунки дармондориларнинг ҳаддан ташқари кўп миқдори гипервитаминозга олиб келади. Шу сабаб, витаминли комплексларни қабул қилишда эҳтиёт бўлинг. Бу кўпроқ ёғда эрувчан дармондорилар (А,D,Е)га тааллуқли. Улар ёғ тўқималари ва жигарда йиғилиб, ўтириб қолиш хусусиятига эга. Сувда эрувчан дармондорилар эса организмдан осон чиқарилади ва одатда айнан улар бизга етишмайди.

ДИЛОРОМ тайёрлади.

Read more  

Қулупнай ҳамма учун ҳам фойдалими? Кимларга зарарли?

Баҳорнинг сўнгги ойи кириб келиши билан савдо расталари қулупнайга тўлиб кетди, бекаларимиз оила аъзоларини у билан хушнуд қилиш мақсадида ширин десертлар тайёрлаб беришмоқда, ҳаттоки қишга ғамлаб қўйишга ҳам улгуришмоқа. Бу тотли меванинг фойдали хусусиятларини биласизми? Билиб олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Табиий дармондори
Мазали таъмга, бир қатор фойдали хусусиятларга эга бу хуштаъм мева ёрдамида камқонлик, буқоқ, ошқозон-ичак касалликларини даволаш мумкин. Қулупнайда организмни вируслардан ҳимояловчи аскорбин кислотаси, ошқозон-ичаклар ишини таъминловчи никотин кислотаси, моддалар алмашинуви ва қон томирлар деворини мустаҳкамловчи рибофлавин, рутин моддалари мужассам. Қулупнай қонни кўпайтирувчи темир моддасига, суяклар, тишларни мустаҳкамловчи кальций ва фосфорга, асаб тизими учун ғоятда зарур магний моддасига бой.
Бу тотли мева С витаминининг конидир. Бу борада унга фақатгина лимон, апельсин ва қорағат тенг келиши мумкин. Кимёвий таркибидаги фойдали минерал моддалар ва антиоксидантлар организмни ёшартириш хусусиятига эга.
Қулупнай юрак-қон томир хасталиклари (стенокардия, инфарктдан кейинги ҳолат, хафақон, атеросклероз ва ҳ.к.) га чалинган инсонлар учун ҳам фойдали. Ҳафтасига 2 маҳал, қулупнайдан тайёрланган компот ичиш юрак хасталикларида (инфарктдан кейинги ҳолат), камқонликда, операциядан кейинги дармонсизликда қувватбахш восита сифатида қабул қилинади.
Аёл организми учун ғоят керакли бўлган фолат кислотасини ҳам айнан қулупнайдан топасиз. Организмда гормонал мувозанатнинг сақланиши, ҳайзнинг бир муддатда келишини таъминлаш учун вақти-вақти билан қулупнайли шарбат, компот ичиб туриш фойдали. Бундан ташқари, қулупнай организмни вируслардан ҳимоялайди. Йилнинг совуқ палласида грипп ва бошқа ўткир респиратор хасталиклардан сақланай десангиз, ҳозирда бу мазали мевага тўйиб олинг.
Қандли диабетга чалинган беморлар қулупнай борасида иккиланмасалар ҳам бўлади. Негаки, қулупнай қондаги қанд даражасини пасайтириш хусусиятига эга. Уни шакар қўшмасдан яхлит ҳолда, озроқ қаймоқ билан аралаштириб тановул қилиш мумкин.
Қулупнай меваси таркибидаги йод моддаси ичакларга тез сингиб, тўлақонли ўзлаштирилади. Шунга кўра, бу мевани буқоқ касалига чалинган инсонлар истеъмол қилишлари буюрилади.
Дилбар ЗИЁЕВА, шифокор-диетолог.
Кимлар учун зарарли?
Қулупнайни ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси қўзғаган пайтда, гастритнинг ўткир турида камроқ истеъмол қилиш керак. Негаки, бундай пайтда қулупнай уруғидаги баъзи моддалар касалликни янада қўзғатиши мумкин.
Хафақонга чалинган инсонлар қон босимини туширувчи дори воситасини қабул қилганларида қулупнайни тановул қилмаганлари маъқул. Чунки бундай дори ва қулупнай аралашмаси қон босимини “яхшигина” туширса-да, буйракларни зўриқтиради.
Қулупнай истеъмол қилганингиздан кейин терида қичишадиган тошмалар пайдо бўлса, мевани тановул қилишни дарҳол тўхтатинг. Негаки, қулупнай аллергияни чақирувчи хусусиятга эга. Умуман олганда, қизил тусдаги барча озиқ-овқат маҳсулотлари, аллергияга чалинган инсонларга тавсия этилмайди. Аксинча, яшил, сариқ тусдаги мева-сабзавотлар аллергияга чалинган беморлар саломатлиги учун фойдалидир.
Терини ёшартиради
Қулупнайли ниқоблар терини ёшартириб, таранглаштиради, керакли витаминлар билан бойитади, ўсмир қизларда кузатиладиган хуснбузардан халос бўлишга ёрдам беради, теридаги майда қора нуқталар, доғларни кетказиб, юз терисини майинлаштиради.
Юзингизни болалар совунида ювиб бир дона қулупнайни терига суртинг. Мева юмшоқ бўлгани учун, терига тез сингади. Бундан ташқари қулупнайни сузма, асал, лимон шарбати билан аралаштириб ниқоб тайёрлаш мумкин. Улар терини юмшатиш ва оқартириш хусусиятига эга.
Адолат ХУДОЙБЕРГАНОВА, дермато-косметолог.
КАМОЛА тайёрлади.

Read more  

Эмлаш: фойдалими ёки зарарли?

Ҳаммамиз турли касалликларга қарши эмланганмиз. Шу сабаб, хавфли инфекциялардан ҳимоясиз қолиш қандай бўлишини тасаввур ҳам қилолмаймиз.
1978 йили аҳолини ёппасига эмлаш натижасида сайёрамиз ўлат каби қўрқинчили касалликнинг вирусидан халос бўлди.
Охирги 100 йилда инсоният эмлашга тобе бўлиб қолди ва ундан бош тортиш аҳоли, биринчи навбатда, болалар сонининг қисқаришига олиб келган бўларди, деб огоҳлантиришади шифокорлар. Шундай экан, шубҳасиз, эмланиш керак. Аммо алоҳида қоидаларга риоя қилган ҳолда ва ҳамма ҳам эмас!
Аввал шифокорга!
У боланинг томоғини кўради, ўпкаси ва юрагини эшитади, баданида тошмалар бор-йўқлигини текшириб, ҳароратини ўлчайди, таҳлиллар натижалари билан танишади, бола охирги марта қачон касал бўлганини сўрайди.
Агар сурункали касалликнинг зўрайиши, шунингдек, сўнгги инфекциядан (респиратор ёки ичак) кейин ҳали бир ой ўтмаган бўлса, эмлашни тўхтатиб турган маъқул. ЎРВИ, ичак ва болалар эпидемияси пайтида ёки оилада кимдир шу касалликлар билан оғриётган бўлса, эмалшни ўтказиш мумкин эмас. Кичкинтойда фебрил томир тортишишлари бўлган бўлса ёки туғилганидан кейин унга “перинатал энцефалопатия” ташхиси қўйилган бўлса, уни невролог рухсати билан эмлаш мумкин.
Алоҳида усуллар
Сурункали патологияси бор болаларда ҳар қандай инфекция оғир кечади ва асосий касалликнинг зўрайишига олиб келади.
Шунинг учун уларни соғлом тенгдошларидан ҳам кўпроқ эмлаш керак. Фақат бундай кичкинтойлар қатор эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда эмланади. АКДСга ўхшаган бирга қўшиб қилинадиган иммун препаратлар аллергияси борларга мумкин эмас. Кўк йўтал, дифтерия ва қоқшолга қарши бир кунда эмас, ҳар хил ойларда эмлашга тўғри келади. Эмлаш таъсирларининг олдини олиш учун вакцинани қайта юбориш орасидаги вақт узайтирилади.
Эҳтиёт бўлинг: диабет
Қандли диабетнинг белгилари болада илк бор эмлашдан кейин пайдо бўладиган ҳоллар ҳам учраб туради.
Оналар ҳаммасига вакцина айбдор, деб ўйлашади. Аслида эса эмлаш яширин кечаётган патологик жараённинг кучайишини қўзғатиб юборади. Бундай ташхисли болани эмлашдан озод қилиш шарт эмас. Диабетда инфекциянинг қўшилиши унинг кечишини оғирлаштириб юборади. Фақат эмалш вақтини тўғри танлаш керак: эмлашни қондаги глюкоза даражаси меъёр чегарасида, пешобда ацетон бўлмаган ҳолатда ўтказиш мумкин.
Мутлақо мумкин эмас!
Қандай болаларни умуман эмлаш мумкин эмас?
Онкология, иммун етишмаслиги ҳамда аввалги эмлашлар таъсири оғир кечган болаларни эмлаш мумкин эмас. Айрим вакциналарнинг таркибига антибиотиклар, тухум оқи альбумин, желатин, хамиртуруш ва консервантлар киради: болада уларнинг ҳар қандайига қарши реакция пайдо бўлиши мумкин. Бундай вакцинани такрор юбориш мумкин эмас!
Аллергияси ва астмаси бўлган болаларни эмлаш шокка қарши биринчи ёрдам кўрсатиш учун керакли барча воситалар мавжуд махсус жиҳозланган муолажа хонасида ўтказилиши ва улар эмлашдан кейин камида бир соат шифокор кузатувида бўлиши керак.
Менингитдан ҳимоя
Менингококк инфекциясига қарши эмлаш миллий эмлаш рўйхатига ҳали киритилмаган. Эмлашнинг бу тури ота-онанинг хоҳишига кўра пулли ўтказилади. Болани 1,5-2 ёшида, яъни инфекцияни юқтириш эҳтимоли ошган даврда эмлаш мумкин.
ШАҲЗОДА тайёрлади.

Read more  

Қандай машқлар озишга ёрдам бермайди?

Озиш мақсадида спорт залида шуғулланиш ҳам сизга ҳеч қандай натижа бермаётган бўлса, хулоса қилишга шошилманг. Эҳтимол, сиз вазнни йўқотишга ҳалақит берувчи хатоларга йўл қўяётган бўлсангиз керак.
Тадқиқотлар 20 ҳафталик жисмоний юкламалардан кейин вазн камайишининг тўхташи ёки суръатининг пастлашини кўрсатди. Бунинг асосий сабаби — нотўғри овқатланиш.
Иккинчи сабаби — машқларнинг натижасизлиги, яъни машғулотларга нотўғри ёндашиш. Бу ҳақида нималарни билиш муҳим?
Тартибсизи зарар етказади, холос…
Спорт залига келиб, у ёки бу машқни бир неча марта бажаришдан наф бўлмайди. Натижа бўлиши учун алоҳида мураббий билан шуғулланган маъқул. У сизнинг шахсий жисмоний ҳолатингиз ва соғлиғингиздан келиб чиққан ҳолда дастур тузади. Машқларнинг нафақат тури, балки кетма-кетлиги, бажарилиш сони ва ҳоказолар ҳам муҳим.
Тартибсиз машғулотлар мушакларга зарар етказади, холос. Мушакларни шишириш учун дастур, сабр ва изчиллик талаб қилинади.
Агар сиз уйда шуғуллансангиз, буни интернетдаги видеодарслар бўйича ва, албатта, кўзгу олдида бажаринг. Шунда машқлар тўғри бажарилишини назорат қиласиз.
Юклама тўғри танланганми?
Спорт залида қанча кўп терлаб, қаттиқ чарчасангиз, шунча тез озасиз, деган нотўғри фикр мавжуд. Тер — бу таркибида тузлар ва алмашинув жараёнининг баъзи маҳсулотлари бўлган сув. У ҳар кимда ҳар хил ажралиб чиқади ва машғулотнинг сифатига боғлиқ эмас. Тўғри, терлаш вазнни камайтиради, аммо бу килограммларнинг ёғга алоқаси йўқ ва сув ичишингиз билан яна қайтади. Тез чарчаш эса кучингизга мос келмайдиган юкламани танлаганингизни билдиради. Натижада сиз вазнни эмас, углеводларни йўқотасиз. Бундай машғулотдан кейин ширинликни яна ҳам кўпроқ хоҳлаб қолишингиз аниқ.
Машғулотлардан кейин мушакларда ёқимли оғриқ бўлиши — бу мъёрий ҳол. Агар оғриқ учинчи куни ҳам ўтиб кетмаса, бу мушаклар тикланиб улгурмаётганининг белгиси. Юкламани камайтириш лозим.
Шуғулланаётганда гаплашманг!
Кўпчилик спорт залига дугонаси ёки ҳамкасби билан бирга келади, шунда шуғулланишни бошлаш осонроқ бўлади. Аммо бу хатога — машқларни бажариш пайтида гаплашишга олиб келади. Суҳбат ва жисмоний юкламаларни бирга қўшиб бўлмайди. Гаплашиш чоғида нафас олиш бузилади, машғулот пайтида ҳужайраларнинг кислородга фаол тўйиниши эса — бу озишнинг асосий шарти. Спорт билан шуғулланишга келдингизми, демак, гаплашманг. Дарвоқе, машғулотдан кейин сауна учун 10 дақиқа вақтингизни ажратсангиз, афсусланмайсиз. Баданни қиздириш ёғларнинг йўқолиш жараёнини кучайтиради. У ерда бемалол суҳбатлашиш ҳам мумкин.
Икки босқичли жараён
Озиш учун тренажёрларда бир хил машқларни бажариш ёки, масалан, фақат рақс ёки зўраки машғулотлар билан шуғулланишнинг ўзи етарли эмас. Мутахассисларнинг ҳисоблаб чиқишича, самарали озиш учун вақтнинг 40 фоизини зўраки юкламаларга, 60 фоизини кардиомашғулотларга ажратиш керак. Натижада биринчи босқичда углеводлар, иккинчи босқичда ёғлар йўқолади. Агар уйда шуғуллансангиз, бир дақиқа машқларни тез, сўнг икки дақиқа хотиржам суръатда бажаринг.

Муаммоли соҳалар
Агар танангизнинг алоҳида соҳаларидан кўнглингиз тўлмаса, фақат аниқ муаммоли соҳалар учун мўлжалланган машқларни бажарманг. Бундай машғулот қорин ва ёнбош қисмининг янада катталашишига олиб келади. Чунки сиз уларни шиширасиз, ёғ эса мушаклар остига яширинади.
Тўғри озиш учун барча мушаклар гуруҳлари ишлаши керак. Шунинг учун аввал 30-40 дақиқа умумий аэроб машқларни бажаринг, сўнг муаммоли соҳалар устида ишлашни бошланг.
Жисмоний юкламалар фақат тўғри овқатланиш билан бирга бажарилгандагина натижа беради. Машғулотлардан олдин ва кейин икки соат оғир таомларни истеъмол қилманг. Жисмоний юкламалардан кейин вазнингизнинг ошишига тайёр бўлинг, чунки ёғ мушак тўқимасидан анча енгил.
ДИЛОРОМ тайёрлади.

Read more  

Йўтал ниманинг аломати?

Меъёрий рефлекс
Ўпкамизни мукоцилиар транспорт деб аталувчи ажойиб рефлекс ҳимоя қилади. Пастдан юқорига қараб, бронхиоллардан бронхларга, сўнг нафас йўллари бўйлаб ҳиқилдоққача минглаб майда қилчалар нафас йўлига тушган чанг заррачалари ва бошқа бегона моддаларни эстафета таёқчасидай бир-бирига узатади. Бу эса ўпкаларни ҳимоя қилади.
Аммо ўпкаларни тозалашнинг яна бир табиий механизми — йўтал. Кўкрак қафасининг кучли қисқаришлари нафақат майда чанг заррачалари ҳаракатини тезлаштириш, балки тизимни анча йирик ва ортиқча, масалан, шиллиқ моддалардан тозалаш имконини беради.
Ҳар доим ҳам инфекция белгиси эмас
Фақат эллик фоиз ҳолларда йўталга инфекция сабабчи бўлади. Иккинчи ўринда аллергик йўтал туради. Аллергеннинг нафас йўлларига тушиши бронхларнинг қисқариши ва шиллиқ модда ажралишининг ортишини келтириб чиқаради. Буларнинг иккиси ҳам йўталга сабабчи бўлади. Аллергик йўтал баҳорда, дарахтлар гуллаган вақтда кучаяди.
Дорилар билан босиш хавфли
Узоқ давом этган тумовда шиллиқ модда орқа девор орқали оқиб тушганида, унда бактериялар кўпайиб, трахеит ёки бронхит ривожланади. Агар мукоцилиар транспорт яхши ишламаса, бактериялар пастга, нафас пуфакча(альвеол)ларига тушиб, зотилжамни қўзғатиши мумкин. Шунинг учун шифокорлар балғамни суюлтирувчи дориларни белгилашади, унинг кўчишини енгиллаштирувчи ингаляциялар, елкани перкуссион усулда уқалашни тавсия этишади. Ҳатто йўтал жонингизга теккан бўлса ҳам, уни тўхтатиб туришга уриниш, уни марказий асаб тизими даражасида тўхтатувчи дориларни қабул қилиш асло мумкин эмас. Бу дорилар йўталга яллиғланиш сабаб бўлмаган ҳоллар учун мўлжалланган.
Икки ҳафтада ўтиб кетиши керак
Агар сиз шамоллаш, бронхит, ларингит, трахеит, зотилжам билан касалланган бўлсангиз, йўтал 14 кун давомида ўтиши керак. Баъзан яна бир неча кун қолдиқ кўринишлари қисқа йўтал ҳолатида кузатилиши мумкин. Агар бундай бўлмаса, шифокорга мурожаат қилиб, текширувдан ўтиш лозим.
Эски усуллар амалда
Йўтални даволашнинг банка, ханталли қоғоз қўйиш каби эски усуллари барчага маълум. Уларнинг таъсири икки даволовчи —рефлектор ҳамда механик омилларга асосланган бўлиб, шу туфайли кўкрак қафаси ва ўпкаларнинг қон билан таъминланиши кучаяди.
Яллиғланган аъзоларга бактерияларни ўлдирувчи лейкоцитларга бой қон кўп миқдорда келади. Шамоллашда бу соғайишни тезлаштиради.
Антибиотиклар кашф қилинганидан кейин бу воситалар ҳақида бир вақтга унутилди, аммо вақт ўтиши билан уларга қизиқиш яна орта бошлади. Чунки улар иложи бўлса қўшимча таъсири бўлган дориларни қабул қилмай соғайишга ёрдам беради.
Хламидия ва микоплазма
Сўнгги йилларда хламидияли ва микоплазмали зотилжам ҳолатлари кўпайди. Улар иситмасиз ва заҳарланиш ҳолатларисиз кечади. Хавфли касалликнинг ягона аломати йўтал бўлиши мумкин. Шу билан бирга йўтал силнинг ҳам ягона белгиси бўлиши мумкин. Шунинг учун агар аллергия мавсумидан бошқа пайт сизни икки ҳафтадан ортиқ сабабсиз йўтал безовта қиладиган бўлса, албатта, шифокор кўригидан ўтинг.
Сабабсиз йўтал гастроэзофагеал рефлюкс белгиларидан бири бўлиши мумкин. Бунда ошқозондаги нордон модда қизилўнгачга ўтиб, унга таъсир кўрсатади.
Ханталли қоғоз ва малҳам(пластир)лар шамоллашда ортиқча дориларни қабул қилмаган ҳолда соғайишга ёрдам беради.
ЖАСУР тайёрлади.

Read more  

Об-ҳаво бирдан ўзгаргандаги тушкунлик касалликми?

Бундайлар метеотаъсирчан кишилар дейилиб, уларга “метеоневроз” ташхиси қўйилади. Улар об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан бўлиб, кўзга кўринмас магнит майдонини ҳис қилишади.
Одатда ёшларда бундай ҳолатлар кузатилмайди. Аммо ёши катталарга об-ҳавонинг ўзгариши жиддий таъсир кўрсатади. Ҳаво бир оз ўзгариши билан уларнинг боши оғриб, қон босими кўтарилади. Бундай ҳолларда ҳар доим фойда берадиган дорилар яхши самара бермайди. Гоҳида юрак хасталикларига чалинган беморларнинг нафаси қисиб, оёқлари шишиб кетиши ҳам мумкин. Бу пайтда уйқусизлик кучаяди, асабийлашиш, қон босими кўтарилиши, бош оғриғи пайдо бўлади, нафас олиш қийинлашади. Шуниси қизиқки, об-ҳаво ўзгаришларидан сўнг аҳволи ёмонлашган беморнинг тиббий таҳлил натижалари организм соғлом эканлигини кўрсатади.
Метеоневрозга чалинганлар кечаси уйқуга ётишдан аввал аутоген машқлар қилиши, бош ва бўйин соҳасини енгил уқалаши, шифокор тавсиясига кўра асаб тизимини тинчлантирувчи дори-дармонлар қабул қилишлари лозим.
Кекса ёшлилар кўпроқ дам олишлари, жисмоний ҳаракатларни имкон қадар чеклашлари даркор. Негаки, жисмоний меҳнат пайтида нафас олиш марказлари зўриқади. Бу пайтда кўпроқ суюқ ёки буғда тайёрланган таомлар, кўкат ва сабзавот қўшилган салатларни истеъмол қилиш ҳамда кўк чой ичиш фойдали. Нафас йўлларини қичитадиган зираворлар, аччиқ, қўй гўштидан тайёрланган, дудланган маҳсулотларни чеклаш зарур. Ушбу ҳолатда ялпиз, райҳон баргини ҳидлаш, лимон пўстини чайнаш умумий аҳволни яхшилайди, юрак ишини кучайтириб, бош оғриғидан фориғ этади.
Аёллар бу кунларда асабий, йиғлоқи бўлишлари, уйқусизликдан қийналишлари мумкин. Уларга ётишдан олдин илиқ сувда чўмилиб, тинчлантирувчи таъсирга эга ялпиз, кийикўт, арслонқуйруқ ҳамда лимонўт гиёҳларидан бирини дамлаб ичиш фойдали.
КАМОЛА тайёрлади.

Read more  

Қуёш нуридан зарарланиб қолманг!

Ўзбекистон — серқуёш ўлка. Бежизга бундай номланмаган. Чунки бизнинг мамлакатимиз ер куррасидаги қуёш нури энг нормал тарқаладиган жойдир. Қуёш оламга ўз нурларини таратиш билан бирга, инсонларга маълум бир миқдорда соғлиқ ҳам инъом этади. Қуёшдан тарқалаётган кўзга кўринмас ультрабинафша нур инсон саломатлиги учун аҳамияти бебаҳо. Шунингдек, қуёш нури инсон саломатлиги учун энг керакли бўлган Д витаминининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Аммо қуёш нури фойдали экан, деб офтобда ётиб олиш ҳам мумкин эмас…
Фотодерматоз сабабчиси
Биласизми, қуёшдан тарқалаётган ультрабинафша нур таъсирида терида узлуксиз оксидланиш-қайтарилиш реакцияси кечади, кальций ва фосфор гомеостазини сақлаб турувчи Д3 витамини синтез бўлади. Теридаги барча ҳужайралар, шу жумладан, терига пигмент етказиб берувчи меланоцитлар нормал функционал равишда ишлайди. Аммо ультрабинафша нур таъсирига баъзи одамларнинг териси қораяди, баъзиларда эса қизариш, шиш, қичишиш каби клиник кўринишда кечувчи тери касалликлари, яъни фотодерматозлар намоён бўлади.
У қандай хасталик?
Фотодерматозлар серқуёш ўлкамиз учун хос бўлган касаллик ҳисобланади. Касалликнинг илк аломатлари баҳор ва ёз ойларида яъни, иссиқ қуёшли кунларнинг бошланиши билан номоён бўлади. Бунда қуёш нури таъсир этадиган соҳаларда (юз, бўйин, кўкрак қафасининг олди қисми, қўл ва оёқларнинг очиқ қисми )да тошмаларнинг тошиши кузатилади. Яъни қуёш нури тушган терида, аввал унинг қизариши, шиши пайдо бўлади. Кейинчалик, қуёш нурининг таъсири давом этса, шу соҳаларда пуфаклар ҳам ҳосил бўлади. Қуёш нури таъсирида узоқ муддат бўлиш юз, бўйин ва кўкрак терисида (қуёш нури таъсиридаги соҳалар) ажин, доғ ва сепкилларнинг пайдо бўлишига ва кейинчалик эса уларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Хасталик беморларнинг меҳнат қобилиятини пасайтиради. Тошмаларни юз, бўйин соҳасида тошиши косметик нуқсонликлар билан кечиши беморларга руҳий ҳамда психологик таъсир этади. Қуёш нури таъсирида пайдо бўладиган фотодерматозлар кўпроқ нурга нисбатан ўта сезувчан бўлган ёки узоқ вақт қуёш нури таъсирида меҳнат қиладиган инсонларда кузатилади. Қуёш нурига нисбатан ўта сезувчанлик (фотосенсибилизация) эндоген ва экзоген омиллар (порфирия, пигмент алмашинувининг издан чиқиши, жигар касалликлари, гипо ва авитаминозлар, нерв-эндокрин системаси фаолиятидаги ўзгаришлар)га сабаб бўлади.
Агар киши ўзида қуёш нуридан келиб чиққан касаллик белгиларини сезса, у ҳолда дерматовенеролог мутаҳассисига муражаат этишлари керак. Улар шифокор маслаҳати билан тўлиқ клиник кўрик ва лаборатор текширувларидан ўтишлари тавсия этилади. Чунки ҳозирги кунда қуёшга сезувчанликни аниқлаш учун “фотодоза” муолажасини ўтказиш кўпгина тери ва таносил касалликлар диспансерида йўлга қўйилган.
Кўрсатмаларга амал қилинг
Ёз келиши билан барчамиз сув ҳавзаларида чўмилишни, офтоб нурида тобланишни хоҳлаб қоламиз. Лекин қуёшда тобланишнинг саломатликка фойдаси билан биргаликда зарари ҳам бор. Ҳар бир ишнинг меъёри бўлганидек, қуёш нурида тобланишнинг ҳам ўз вақти ва муддати бўлади. Агар қоидаларга амал қилинмаса, қуёш нурлари саломатликка акс таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун бу борада шифокор кўрсатмалари ва тавсияларига амал қилиш жоиз.
Қуёш нурлари энг кўп июль-август ойларида теримизни куйдиради ва қисқа муддат ичида қизартириб томирларнинг кенгайишига йўл очади. Бу нурлар таркибидаги ультрабинафша нур таъсирида баъзи ҳужайралар меланин моддаси ишлаб чиқариб, терини қорайтиради.
Қуёш ванналарини меъёридан кўп қабул қилиш эса иммунитетни пасайтириб юбориш қобилиятига эга. Терининг тез қариб, ажинлар тушиши ҳам 70 фоиз ҳолатда қуёш нурлари остида кўп вақт ўтказиш билан боғлиқ.
Тери саратонига сабаб бўлади
Ҳа, қуёш нурлари теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди. Ёзда офтобда мунтазам, узоқ муддат юриш қуёш нурига таъсирчан кишилар танасининг очиқ соҳаларида турли хил хавфли ўсмаларни, шунингдек, тери саратони келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бежизга тери саратони қуёш инсоляция(қуёш нурларининг тушиши ва синиши)си юқори бўлган мамлакатларда яшаётган ва узоқ вақт қуёш нури таъсирида бўладиган инсонлар (аксарият I ва II типга мансуб) орасида ниҳоятда кўп учрамайди. Шундай экан, имкон қадар ёзда офтобда кўп юрманг, қуёш нуридан ҳимояловчи воситалардан фойдаланинг.
Кимларга тез таъсир қилади?
Инсон организмида иссиқлик энергияси ҳосил бўлиши билан бирга, айни пайтда уни тарқатиш жараёни ҳам давом этади. Агар икки соат давомида тўхтовсиз давом этадиган офтоб нурида юрса, инсон организми издан чиқиб, саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Бундай ҳол узоқ давом этиши киши саломатлигига путур этказади.
Айни кунларда юртимизда об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида одамларда офтоб уриши кузатилади. Офтоб уриши ва иссиқ элитиши организмнинг қизиб кетиши натижасида юзага келади. Болалар, семиз кишилар, эндокрин, юрак қон-томир касалликлари билан оғриган беморлар бу каби салбий ҳолатга мойил бўлади. Офтоб уриши қуёш нурлари организмга тик тушаётганида, айниқса, бошни қиздириб юборганда кузатилади.
Иссиқ кунда қизиш ёки кўп терлаш инсон организмида сув, туз алмашинувининг бузилиши, қон айланишининг қийинлашуви ва кислород танқислигига олиб келади.
Шунинг учун болалар жазирамада қуёш нури остида кунига 15 дақиқадан кўп сайр қилиши зарар. Агар бу ҳолат меъёрдан ошиб кетса, боланинг қони суюлиб, ҳарорати ошишига сабаб бўлади. Ҳатто ўрта ва кекса ёшдаги кишиларнинг қуёшда кўп юришлари оқибатида офтоб уриши ва турли юрак билан боғлиқ ҳолатлар безовта қилиши ҳам мумкин.
Қуёш нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир. Бундай касаллиги бор одамлар офтобда кўп қолиб кетмасликлари керак.
Қуёш нури қачон фойдали?
Ёз кунларида эрталаб соат 7 дан 10 гача ва тушдан сўнг 16 дан кейин то ботгунча саломатлик учун энг фойдали бўлган қуёш нурлари тушади. Чунки ушбу вақтда ультрабинафша нурлар баданга тик тушмайди ва терига чуқур кириб бормайди. Бу эса терида куйиш ва турли тери касалликлари пайдо бўлишининг олдини олади.
Зарар кўрмай десангиз….
Қуёш нурига нисбатан сезувчанлиги юқори бўлган одамлар куннинг 11.00 ва 15.00 соатлари орасида ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Чунки қуёш нурининг терига таъсири куннинг шу вақт оралиғида энг юқори бўлади. Қуёш нурига таъсирчан кишилар шифокор-дерматолог тавсиясига асосан қуёшли кунларда кўчага чиқишдан 1 соат аввал махсус ҳимояловчи кремлардан фойдаланишлари керак. Бизнинг иқлим шароитимизда, албатта, SPF 50 дан паст бўлмаган офтобдан сақланувчи кремлардан фойдаланиш зарур. Бундай махсус крем кўчага чиқиш ва офтобда юришдан 30-40 дақиқа олдин тананинг очиқ қисмидаги тоза терига суртилади. Агар инсон чўмилиш ҳавзаларида бўлса, у ҳолда чўмилгандан сўнг албатта яна ушбу воситалардан фойдаланилади.
Кўча-куйда қуёш нури айни тик тушадиган маҳал юрсангиз, ҳаво ўтказиб турадиган соя­бонлар, турли бош ки­йимлари ва махсус офтобдан ҳимояловчи кўзойнаклардан фойдаланганингиз маъқул. Бу борада тананинг барча қисмини ёпиб турувчи енгил табиий матодан қилинган кийимларни кийиш ҳам фойдалидир. Чунки улардан қуёш радиациясининг ўтиши қийин бўлиб, терига кам миқдорда етиб боради. Сунъий матолар (полиэстерлар)дан тикилган кийимлар эса ип-газламали материалларга нисбатан ультрабинафша нурини яхши ўтказади ва ноқулайликларга олиб келади.
Бош кийим ва соябонлар қуёш нурининг юз ва бошга кўрсатадиган таъсирини сезиларли даражада пасайтиради. Чеккаси кенг бош кийим кўз, қулоқ супраси, бурун ва лунжларни жуда яхши ҳимоя қилади.
Саидқосим АРИФОВ,
Тошкент врачлар малакасини ошириш
институти дерматовенерология ва
косметология кафедраси мудири,
тиббиёт фанлари доктори.

Read more  

Дармондорилар хазинаси

Одатда пиёзнинг шолғомсимон, қизил ва кўк пиёз каби туридан фойдаланамиз. Аммо унинг бизга таниш бўлмаган турлари ҳам бор.
Пиёз — дунёда энг кўп тарқалган маҳсулот. Унинг экин майдонлари буғдойникидан бир неча баробар кўп. Пиёзнинг тахминан 900 тури мавжуд бўлиб, улардан фақат 228таси сабзавот экини ҳисобланади.
Пиёз дармондорилар ҳамда микроэлементлар хазинаси. Олимлар пиёз таркибида А, В1, В2, С, РР дармондорилари, олтингугурт, хром, фолий кислотаси, эфир мойлари, қандлар, флавоноидлар, кверцитин, йод, фтор, кальций, селен, рух, темир моддалари мавжудлигини аниқлашди.
Пиёз ошқозон-ичак йўли фаолиятини ва моддалар алмашинувини тезлаштиради, шамоллашда ёрдам беради, иммун ҳамда юрак-қон томир тизимларини мустаҳкамлайди, озишга ёрдам беради, ёмон холестерин даражасини пасайтиради, шунингдек, бактерицид хусусиятга эга.
Таркибида қандлар кўп
Кўриниши шолғомга ўхшагани учун шолғомсимон пиёз деб аталадиган пиёз турида қандлар олма ва нокдан кўра кўпроқ, тахминан 9-14 фоиз бўлиб, улар фруктоза, глюкоза, сахароза, мальтоза, шунингдек, полисахарид инулиндан иборат. Фитонцидлар ёрдамида бу пиёз бизни шамоллашдан ҳимоя қилади. Унинг таркибида темир ҳамда антиоксидантлар, саратонга қарши кучли агент — кверцетин мавжуд.
Сақлаганда С дармондориси ортади
Пиёзлилар оиласининг вакили бўлган порей таркибида дармондорилар ҳамда каротин шолғомсимон пиёздагидан анча кўп. Порей ажойиб хусусиятга эга: сақлаганда ундаги С дармондориси миқдори 35 дан 85 мг гача ортади.
Порейни хомлигича истеъмол қилиш мумкин, аммо кўпинча у таомларга қўшилади ёки зайтун ёғида димланади.
Салатларни сайратади
Италия, Франция ва Америкада оммавийлашган оқ пиёз шолғомсимон пиёз каби аччиқ эмас, аммо ўта сувли ва хушбўй.
Оқ пиёзни салатларга қўшиш мумкин. Уни қаймоқ ёки майонез билан қўшиб истеъмол қилса бўлади. Еганда оғизда ҳид қолдирмайди. Шунингдек, димлама ва шўрваларга ҳам айнан оқ пиёз жуда қўл келади.
Энг ширин ва сувли
Салатлар ва сэндвичлар, таомларни безаш ва грил ёки газ печида тоблаб пишириш учун қизил пиёздан яхшиси йўқ. Бу пиёзнинг энг ширин, сувли ва карсилдоқ тури. Қизил пиёзда антиоксидантлар унинг оч рангдаги навларига нисбатан икки баравар кўп.
Иштаҳани очади
Батун пиёзининг яшил баргларида С дармондориси оддий кўк пиёздагидан икки баравар кўп. Майда пиёзчаларни маринадлаш ва консервалашда сабзавотли аралашмаларга қўшилади.
Баҳорги витамин танқислигида батун пиёзидан яхши восита йўқ. У иштаҳани очади ва овқат ҳазм қилишни тезлаштиради.
Микробга қарши энг яхши восита
Узун ингичка яшил баргли ва йўғонлашган пояларида шарсимон гули бор жусай пиёзи чўл, ўтзор ва жануби-шарқий Осиёнинг тоғ ён бағирларида ўсади, ёқимли хушбўй ҳидга эга.
Унинг жуда нозик баргларида эфир мойлари кўп, шу сабаб, жусай микробга қарши энг яхши пиёз ҳисобланади. Уни ҳар қандай таомга қўшиш мумкин.
Илдизлари — аччиқ, барги — хушбўй…
Шолғомсимон пиёзнинг бир тури бўлган шалот пиёзининг илдизлари ўта куйдирувчан аччиқ, барглари эса нозик ва хушбўй, бироқ тез сўлади.
Шалотни салатларга, балиққа қўшиб истеъмол қилиш мумкин. Аччиқлигини камайтириш учун уни 2 дақиқа совуқ сувга солиб қўйиш лозим. Шалотдан кўпинча халқ табобатида фойдаланилади.
Биласизми?

Пиёзнинг 85 фоизи сувдан иборат.
Кесганда пиёздан лакриматор — намлик ёки кўз ёши билан ўзаро таъсир натижасида кўзнинг шиллиқ қаватига таъсир кўрсатувчи олтингугурт кислотасини ҳосил қиладиган модда ажралиб чиқади. Ошпазлар пиёзни тўғрашдан олдин пичоқни сувга ботириб олишни маслаҳат беришади.
Тайёрлаш вақтида пиёздан учувчан моддалар буғланиб кетади ва у ширин бўлиб қолади.
Оғиздаги пиёз ҳидини кетказиш учун ортидан петрушка ейиш керак.

ЖАСУР тайёрлади.

Read more  

Умидни йўқотишга шошилманг!

Баъзан гинеколог ҳузурига келган аёллар ҳомиладор бўлолмаётганидан шикоят қилишади. Кўп ҳолларда вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин!
“Бепуштлик” ташхиси туғиш ёшидаги аёл контрацептив воситалардан фойдаланмаса-да, бир йил давомида ҳомиладор бўлмаган ҳолатда қўйилади. Бу ташхиснинг энг кенг тарқалган сабаблари қандай?
Эндометриоз
Бачадонни қоплаган шиллиқ қават — эндометриянинг патологик ўсиши кузатилади. Кўп ва оғриқли ҳайз (одатда қуюлиб қолган қонли), ҳайз оралиғидаги қонли ажралмалар, дефекация ёки бовул қилишнинг оғриқли кечиши эндометриознинг белгиларидир. Иммун бузилишлари, ирсият, гормонал бузилиш, ҳайз қолдиқлари қолиши, жарроҳлик операциялари, туғруқнинг оғир кечиши, бачадон миомаси бунинг сабаблари бўлиши мумкин.
Эндометриозда гормонал, яллиғланишга қарши ва оғриқсизлантирувчи даволаш, физиотерапия тавсия қилинади. Касаллик ўтказиб юборилган ҳолларда жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.
Ўсмалар
Тухумдоннинг юзи ва ичида ўсмалар — сариқ сувли пуфакчалар ҳосил бўлади. Уларни ҳайз циклининг номунтазамлиги, бадан ва юзда ортиқча сочларнинг пайдо бўлиши, ҳуснбузар, терининг ёғлилиги, кўп терлаш, теридаги тўқ доғлар (кўпинча бўйин соҳасида), ортиқча вазн каби белгилардан тахмин қилиб, текширув ўтказилади. Бу ҳолатга буйракусти безлари пўстининг гиперплазияси, қалқонсимон без касалликлари, қандли диабет, инсулинни қабул қилмаслик, эркаклар гормонларининг ортиқ даражада бўлиши, ирсият, ҳомиладорликни тўхтатиш, туғруқнинг оғир кечиши, зиқлик ҳолатлари, сурункали инфекциялар сабаб бўлиши мумкин.
Даволашда гормонал терапия, ёғ босишида вазнни камайтириш, витаминларни даврий қабул қилиш (аскорбин кислотаси, Е, В12, РР, В1, В9, В6), физиотерапия, жарроҳлик (лапарокскопия), инсулинни қабул қилмасликда тегишли дори воситаларини қабул қилиш ва парҳез тавсия қилинади.
Даврийлик бузилса…
Тухумҳужайралар ҳар циклда етилмаганда, кечикиб ёки умуман бу ҳолат кузатилмаганда ҳам ҳомиладорлик кузатилмайди. Бунинг ягона белгиси ҳайз даврийлигининг бузилишидир. Ушбу ҳолатга эндокрин тизимдаги бузилишлар, тухумдонлар ёки буйракусти безларидаги шишлар сабаб бўлиши мумкин.
Даволашда гормонал терапия қўлланилади.
Найчаларнинг беркилиб қолиши
Бачадон найчалари беркилиб қолганида ҳам аёлларда ҳомиладор бўлмаслик муаммоси кузатилади. Қориннинг пастки қисми ва белдаги оғриқлар, ҳайзнинг оғриқли кечиши ушбу ҳолатнинг ўзига хос белгиларидир.
Найчаларнинг беркилиб қолишига жарроҳлик операцияларидан кейин (ҳомиладорликни тўхтатиш, кўричакни олиб ташлаш в.ҳ.) найчаларда бириктирувчи тўқималардан ҳосила пайдо бўлиши, найчалар ва тухумдонларнинг яллиғланиши ёки жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, аввал кузатилган бачадондан ташқари ҳомиладорлик сабаб бўлиши мумкин.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун найчаларнинг бирикиб қолган жойи лапароскопия усулида жарроҳлик йўли билан ажратилади.
Тухумдонлар фаолияти сустлашса…
Ҳайз даврийлигининг иккинчи қисмида фолликула сариқ жисмга айланиб, прогестерон — “ҳомиладорлик гормони”ни чиқара бошлайди. Прогестерон ишлаб чиқарилиши пасайганида ҳам ҳомиладор бўлиш эҳтимоли деярли қолмайди.
Ҳайз даврининг қисқалиги (24 кундан кам), ҳайзнинг жуда оз ва қуюқ бўлиши, 3 кундан кам келиши, шишишлар, кайфиятнинг ўзгарувчанлиги, йиғлоқилик, жаҳлдорлик, тушкунлик, уйқунинг бузилиши, ҳайз даврининг иккинчи қисмида сут безларининг қаттиқлашиши ва оғриши, мастопатия, ҳомиланинг эрта босқичларда тушиши бу касаллик белгилари ҳисобланади.
Ушбу муаммо гормонал терапия, тухумдонлар фаолиятини яхшилаш учун дорилар қабул қилиш йўли билан даволанади.
ДИЛОРОМ тайёрлади.

Read more  
Loading more posts