Саёҳатлар мени ўзгартириб юборди

Updated on 12.08.2017 in Tarbiya
0 on 12.08.2017

УМИД

Берлинда яшаган даврида Франц Кафка ҳар куни хиёбонда сайр қилишни хуш кўрарди.

Бир куни у хиёбонда қўғирчоғини йўқотиб қўйиб йиғлаётган қизалоқни учратиб қолади. Кафка қизалоққа қўғричоқни қидиришда ёрдам бермоқчи эканини айтиб, эртаси куни худди шу жойда кутиб туришни тайинлайди. Табиийки, машҳур ёзувчи қўғирчоқни топа олмайди. Аммо қуруқ қўл билан бормаслик учун қизалоққа қўғирчоқ номидан ёзилган хат олиб боради. «Илтимос, менинг йўқлигимдан қайғуга тушмагин, — Кафка хатни қизалоққа ўқиб берарди. — Мен дунёни кўриш учун саёҳатга отланганман. Барча саргузаштларим ҳақида сенга ёзиб тураман».

Кейинги бир неча ҳафта улар хиёбонда учрашишар ва ёзувчи қизалоққа қўғирчоқдан келган ва қўғирчоқнинг саргузаштлари жуда қизиқарли этиб тасвирланган хатларни ўқиб берарди.

Тез орада Кафкада сил касаллиги хуруж қилиб, муолажа учун Венага кетишга мажбур бўлади. Ёзувчи учун охиргиси бўладиган ушбу сафар олдидан Кафка қизалоқ билан учрашиб, унга қўғирчоқ совға қилади. Бу қўғирчоқ қизалоқ йўқотиб қўйган қўғирчоқдан бутунлай фарқ қиларди. Қўғирчоққа шундай ёзув қистирилган эди: «Саёҳатлар мени ўзгартириб юборди».

Loading more replies